Куйдирмоқ ёки куйдурмоқ?

Куйдирмоқ сўзи куймоқ феълидан орттирма нисбат қўшимчаси (-дир, -тир) ёрдамида ҳосил қилинган. Феълларнинг асосидаги у унлиси таъсирида қўшимчадаги и унлиси ҳам у деб талаффуз қилинади. Масалан, суздирмоқ, туширмоқ, қурдирмоқ сўзлари талаффузида ҳам шу ҳолатни кузатиш мумкин. Бу эса ўз навбатида ёзувда имловий хатолик келтириб чиқаради.

Ҳозирги ўзбек тилида -дур қўшимчаси йўқ ва бу куйдурмоқ феъли йўқлигидан дарак беради.

Демак, тўғри жавоб:
Куйдурмоқ ❌
Куйдирмоқ ✅

______________________________

Мумтоз адабий ўзбек тилида -дур шакли ҳам қўлланган. Ҳозир эса бу қўшимчадан фақатгина бадиий услубда фойдаланиш мумкин. Муаллиф ўз асарига бадиий бўёқ бериш мақсадида ҳам -дур қўшимчасидан истисно тарзида фойдаланиши мумкин. Қуйида Хўжаназар Ҳувайдо (https://n.ziyouz.com/portal-haqida/xarita/uzbek-sheriyati/o-zbek-mumtoz-adabiyoti/xo-janazar-huvaydo-1704-1780-81) ижодидан куйдуруб сўзи қатнашган мисралар келтирилган.

Ман ғарибу хастани ҳардам фироқ ўти билан,
Куйдуруб, кўкка кулум барбод этдурди фалак.

* * *
Ҳамиша куйдуруб шамъи фироқинг бирла жонимни,
Мани парвонани хокистарини зери по қилдинг.

Ўқишни тавсия этамиз

© Sarlavha.com, 2023