Ажуз ва аямажуз

Maqolalar 21.11.2024

Ажуз сўзи араб тилидан олинган ва икки маънода қўлланади:

  1. Қария
  2. Қари аёл, кампир

Бизда аямажуз деган сўз бор, эшитганлар борми? Унинг асли айём(и) ажуз бўлиб, қария кунлари дегани. Бу жумла луғатда «қишнинг охирги ҳафтаси» деб изоҳланган. Аммо нима учун бу давр «қария кунлари» деб номлангани менда қизиқиш уйғотди.

Изланганларим натижасида қуйидагилар маълум бўлди: — Айём ажуз февралнинг сўнгги 4 куни ва мартнинг дастлабки 3 кунига тўғри келади. — Бу жумланинг тарихи қадимги араб халқларига бориб тақалади. — Унинг келиб чиқиши борасида бир неча тахминлар бор:

  1. Февралнинг охири ва мартнинг боши йилнинг энг совуқ кунлари ҳисобланган. Кекса ёшдагилар бундай совуққа бардош бера олмай, меҳнат лаёқатини йўқотганлар ёки вафот этганлар.

  2. Ҳикояга кўра, бир кекса аёл ўз халқини кечки қишдан огоҳлантиради, аммо халқ бунга ишонмайди. Одамлар кунлар исий бошлаганига алданиб, деҳқончилик ва чорвачилик ишларини бошлаб юборадилар. Аммо қаҳратон совуқ кунлар қайтиб, экинларни барбод қилади, чорваларни ҳалок қилади. Шундан буён бу давр «қария кунлари» дея бошланган.

  3. Афсонага кўра, бадавийлар ўз чорваларини боқиш учун чўллардан яйловларга кўчиб келадилар. Аммо уларга яқин кунларда ҳаво совиб кетишини, қор ва ёмғир ёғишини айтишади. Буни эшитган бадавийлар ўз ерларига қайтиб кетишади, фақатгина бир кампир огоҳлантиришга парво қилмай, ўзининг олтита қўйи билан яйловда қолади. Февраль ойи якунланиб боришига қарамай, ҳаво очиқлигича қолади. Бундан кампир хурсанд бўлади ва февраль ойи устидан пичинг қилади.

Бундан ғазабланган Февраль ўз акаси (ёки укаси?) Мартнинг олдига боради ва «Мендан 4 кун, сендан эса 3 кун кампирни бадном қилиш учун етади», дейди. Натижада кунлар совийди, кучли ёмғир ёғиб, сойлар сувга тўлади. Тошқин кампир ва унинг қўйларини ювиб кетади.

  1. Бу кунлар айёми ҳусум деб ҳам номланади. Қуръони каримнинг Ҳаққо сураси, 7-оятида бу жумла келган ва оятда Самуд ва Од қавмининг етти кун ва саккиз тун давомида тинимсиз давом этган асов шамол билан ҳалок қилингани айтилган.

Ўқишни тавсия этамиз