Тошкент шаҳар ёки Тошкент шаҳри?
Тошкент шаҳар ИИБ, Самарқанд вилоят меҳнат бошқармаси, Фарғона шаҳар ҳокимлиги, Андижон шаҳар суди, Чилонзор туман солиқ инспекцияси, Бухоро туман халқ таълим бошқармаси...
Юқоридаги жумлаларнинг барчасида бир хатога йўл қўйилган: тобе боғланиши керак бўлган бирликлар эгалик қўшимчаси йўқлиги учун боғланмай қолган. Нега ҳеч ким Ўзбекистон Республика, Мустақиллик кўча, Ички ишлар бошқарма, Солиқ инспекция демайди? Бу ҳолатларда эгалик қўшимчаси эсдан чиқмайди-ку?!
Бу хато шунчалик кенг ёйилиб кетганки, натижада у ягона тўғри вариант сифатида қабул қилина бошлаган. Мен бир неча йил давомида одамлардан нега ундай ёзиши сабабини сўраб келдим. "Шунчаки расмий номларда шундай ёзилади, бу расмийлик мақомини беради" деган гапдан бошқа бирор жавоб ололмадим. Аслида, бундай ёзиш номга ҳеч қандай расмийлик мақомини бермайди. Саводсизлик мақомини бериши рост. Нима учунлигини қуйида кўриб чиқамиз.
-
Географик номдан кейинги келадиган ва объектнинг турини аниқловчи сўз (денгиз, дарё, тоғ, шаҳар, туман, ва ҳ. к.) эгалик қўшимчасини олади: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри (https://t.me/xatoliklar/1558), Мустақиллик кўчаси, Қўнғирбуқа тоғи, Амударё дарёси.
-
Географик ном сифатловчи вазифасида келса, ундан кейин келадиган от, яъни сифатланмиш баъзи ҳолатларда эгалик қўшимчасини олмаслиги мумкин: Жанубий океан, Тинч океан (https://t.me/xatoliklar/908), Қора денгиз, Сариқ денгиз, "Самовий тоғлар", "Сузувчи орол" каби.
-
Жой номи тушиб қолса, унинг турини аниқловчи сўз эмас, ундан кейинги от эгалик қўшимчасини олади: шаҳар суди, вилоят ички ишлар бошқармаси, туман бўлими. Бунда бирликлар қаратқич-қаралмиш муносабатларига киришяпти ва қаралмиш белгисиз шаклда ифодаланяпти: шаҳарнинг суди, вилоятнинг ички ишлар бошқармаси, туманнинг бўлими.
-
Бу тобе бирикмалар эга ва кесимга айлансагина эгалик қўшимчаси қўшилмайди, бунда бутун бир гап ҳосил бўлади: Ўзбекистон — республика, Тошкент — шаҳар, Андижон — вилоят.
——————————————
Демак, биздаги ҳолатда вилоят, шаҳар ва туман номлари сифат эмас, улар эгалик қўшимчасини олмаслигига ҳеч қандай сабаб йўқ.
Тошкент шаҳар ИИБ ❌ Тошкент шаҳри ИИБ ✅ Шаҳар ИИБ ✅
Самарқанд вилоят меҳнат бошқармаси ❌ Самарқанд вилояти меҳнат бошқармаси ✅ Вилоят меҳнат бошқармаси ✅
Фарғона шаҳар ҳокимлиги ❌ Фарғона шаҳри ҳокимлиги ✅ Шаҳар ҳокимлиги ✅
——————————————
Хулоса ўрнида: бизга одат бўлиб қолган нарсаларни ҳақиқат деб билмаслигимиз, унга зид бўлган ҳар нарсани эса инкор қилавермаслигимиз керак. Ҳамма шундай ёзгани унинг тўғри эканлигини англатмайди.