Инглизча DM аббревиатурасига изоҳ берсангиз

Maqolalar 21.11.2024

Аслида, саволга аниқлик киритиб кетиш керак эди, чунки DM турли соҳаларда турлича сўзларнинг қисқартмаси бўлиши мумкин.

Аммо саволда Direct Message назарда тутилгани эҳтимолининг юқорилигини инобатга олиб, шу тушунчанинг мазмунини кўриб чиқамиз.

Direct message(s), директ (ёки дайрект), personal messages (PM, персонал хабар) — бу сайт, ижтимоий тармоқ ёки мессенжерда муайян бир кишига жўнатилган шахсий хабар. Бизда ҳозир личка сўзи урф бўлган — у русча личные сообщения сўзларининг эркин қисқартмаси.

«Личкадан жўнатиб қўйдим», «Личкамга ташлаб қўй» каби жумлаларни тез-тез эшитиб турамиз, ҳатто ўзимиз ҳам ишлатамиз. Кўриб турганимиздек, рус тилида бу жумла табиий равишда қисқарган ва талаффузга осонлаштирилган. Биз ҳам шахсий хабарнинг оғзаки нутқ учун қисқа ва осон вариантини ўйлаб чиқсак ва уни кенг ёя олсак, ҳар ҳолда, русча личка'дан воз кечармидик...

Сиз шахсий хабар жумласини қисқартириш, талаффуз учун осонлаштириш бўйича қандай таклиф бера оласиз? Шунчаки шахсий деб қўйилса-чи?

Ўқишни тавсия этамиз