Исми шариф: “шариф” нима?

Maqolalar 03.12.2024

Исми шариф – изофали бирикма. Дарди бедаво, нуқтайи назар, таржимаи ҳол, адойи тамом, шаҳри азим кабилар изофали бирикмалардир (https://t.me/oriftolib/1895). Форсий изофаларда олдин от, кейин сифат келади, ўзбекчада бунинг тескариси. Солиштиринг: шаҳри азим – азим шаҳар, дарди бедаво – давосиз дард.

Исми шариф бирикмаси таркибидиги исм шахсий номни билдиради. Шариф сўзи араб тилидан кирган, ўзбекчада муқаддас, азиз; табаррук маъноларида қўлланади. Исми шариф – азиз исм, табаррук исм дегани:

Менким, Марғилон ҳокими Ўтаббой қушбеги, ўз ҳукмимни хоқон ибн хоқон жаноби олий Худоёрхон исми шарифларидан эшиттираман. А. Қодирий, Ўтган кунлар.

❗️ Бу бирикма кўпинча исм-фамилия, исми ва фамилияси ёки исми ва отаисми маъносида қўлланади. Лекин бу – хато. Чунки шариф сўзининг фамилия ёки отаисм деган маъноси йўқ. Бу хато шунчалик оммалашиб кетганидан ҳатто қонунлар тилига ҳам кўчиб ўтган (https://lex.uz/search/nat?query=%D0%B8%D1%81%D0%BC%D0%B8%20%D1%88%D0%B0%D1%80%D0%B8%D1%84%D0%B8). Русча отчество сўзини ўзбек тилида отаисм сўзи ифодалайди. Айни шаклдаги сўз луғатларимизга энди кирди. Олдин ота исми, отасининг исми, ота оти, отасининг оти каби бирикмалардан фойдаланилган.

Шариф сўзини отаисм ўрнида қўллаш ғалати машҳур (https://t.me/oriftolib/1608)га айланиб бўлди, шу маънода қўллайверайлик, десак, бу луғатларда ҳам акс этиши керак. Ҳозирча изоҳли луғатда сўз бундай маънода изоҳланмаган.

Демак:

Исми шариф (https://t.me/oriftolib/1959) ✅ Исми-шариф, исм-шариф ❌

Ўқишни тавсия этамиз