Копирайтер бўламан десангиз: матннинг руҳи

Maqolalar 03.12.2024

Сникерснинг янгичаси чиққанига анча бўлди, лекин унинг харидорлари ҳеч кўпаймаяпти, дўконларда чанг босиб ётибди, муддати тугаганидан сўнг олиб чиқиб кетиляпти. Бу маҳсулотга юқори баҳо бера олмайман, аммо яқинда унинг ўзбекча рекламасига кўзим тушди, унинг матни қуйидагича:

«Қарсиллатмаганингизда Сиз бу сиз эмассиз! Ёзга баланд товушни қўшинг: кучли битлар, қайноқ рақслар, ёрқин кўриниш ва Snickers Crisp. Янгилик билан қарсиллатинг!»

Кўриниб турибдики, бу матн бошқа бирор тилдан шунчаки таржима қилиб қўйилган. Бу ерда таржимонни айблаб бўлмайди, аммо бу бренд устида ишлайдиган маркетологлар етарлича ишламаганидан далолат қилади.

Реклама матни Ўзбекистон ҳудудига мослаштирилмаган, <a href="https://imlo.uz" target="_blank" rel="noopener">ўзбек тили</a> руҳиятига умуман тўғри келмайди. Ҳеч қайси биримиз ҳеч бир замонда «Ёзга баланд товушни қўш» демаймиз. Бу каби ҳолатларда матнни таржима қилиш эмас, балки уни адаптация қилиш, яъни ҳудудга, унинг тилига, маданиятига мослаштириш керак. Мослаштириб бўлмаса, умуман бошқа бир матн ёзиш керак.

Таниган-билганлар бўлса, етказиб қўйинглар: ҳеч ким тушунмайдиган тилдаги матн билан катта бюджет эвазига реклама қилдириш пулни кўкка совуриш билан баробар.

Ўқишни тавсия этамиз