Копирайтер бўламан десангиз: натив реклама
Тўғридан-тўғри, очиқ-ойдин реклама ҳамманинг жонига тегиб бўлди. Биз кунига ўнлаб рекламаларга дуч келамиз ва бу бизни асабийлаштиради. Шунинг учун маркетинг бозорида бундан буёғига бир қарашдан рекламадек кўринмайдиган рекламаларга талаб ортади.
Демак, аниқ бир аудиторияга мўлжалланган фойдали ва қизиқарли маълумот ортида яширинган тарғиботни натив реклама дейиш мумкин. Натив рекламада маҳсулот ёки хизмат тўғридан-тўғри тарғиб қилинмайди, "ҳозироқ қўнғироқ қилинг", "чегирмадан фойдаланиб қолинг" деган хира пашшадек бездириб юборадиган чақириқлар бўлмайди. Аввал аудитория учун мавзуга доир қизиқарли контент берилади, орада эса маҳсулот эслаб ўтилади.
Натив рекламда кўпинча шахсий тажриба ҳақида гапирилади. Масалан, саёҳатчи ўз блогида хорижга чиққанда тунаб қолган меҳмонхонасини эслаб ўтиши, муаллиф "Китоб ўқишга қизиқиш уйғотиш йўллари" номли мақоласида ўз китобини тавсия қилиши ва уни фалон дўкондан сотиб олиш мумкинлигини айтиши мумкин. Одамлар бунинг реклама эканлигини билмай ҳам қолади баъзида.
Интеллектуаллик даражаси бўйича бундай турдаги рекламалар бошқа рекламалардан устун туради. Шунга яраша уларни ёзиш ҳам мураккаброқ бўлади. Копирайтер бўламан десангиз, шу турдаги реклама матнларини ёзишни ҳам ўрганинг. Бирор ҳикояни эсланг ёки ўзингиз ўйлаб топинг ва унда маҳсулотни эслаб ўтинг.