Копирайтер бўламан десангиз: қиёс
Инсон онги янги маълумотни қабул қилиши учун аввалги билимларидан фойдаланади, таҳлил қилади, солиштиради, умумийлаштиради ёки қисмларга бўлади. Бугун қиёс (таққослаш, солиштириш) ҳақида гаплашамиз.
Солиштириш орқали янги маълумотни тушуниш, қабул қилиш осонлашади. Масалан, агар авокадо мевасини татиб кўрмаган бўлсангиз, уни қандай тасаввур қиласиз?
— Авокадо таъми бироз ширинроқ бодрингга ўхшайди. — Сариёғ солинган кўкатлар пюресига ўхшайди.
Энди сиз авокадо меваси ҳақида, оз бўлса-да, тасаввурга эгасиз. Демак, бодринг ёки кўкатлар ҳақидаги билимларингиз сизга авокадонинг таъмини тушунишга ёрдам берди.
Матн самаралироқ бўлиши учун маҳоратли копирайтерлар ўз ишларида қиёс усулидан фойдаланиб турадилар.
Усулнинг моҳияти: гап нима ҳақида кетаётган бўлса, уни инсон учун таниш бўлган, у доим ишлатадиган, йўлиқадиган нарсалар билан боғлаш. Қиёс кўпинча сингари, каби, ўхшайди сўзлари ёки -дек (-дай) қўшимчалари ёрдамида тузилади.
Мисоллар:
-
Маҳсулот — асабларни тинчлантирувчи дори. — Асабларингиз тинч бўлади ❌ — Асабларингиз пўлатдек мустаҳкам бўлади ✅ — Фил каби хотиржам бўласиз ✅
-
Маҳсулот — кир ювиш воситаси. — Тоза кийимлар ❌ — Юмшоқ кийимлар ❌ — Хушбўй кийимлар ❌ — Қордек оппоқ кийимлар ✅ — Булутдек майин кийимлар ✅ — Эрта баҳор/Мусаффо қиш ифори ✅
-
Хизмат — дастурлаш ўқув курси. — Дастурлашни ўрганинг ❌ — Дастурлашни Марк Цукерберг каби ўрганинг ✅ — Дастурлашни силикон водийси дастурчиларидек ўрганинг ✅
*Юқоридаги мисолларни шунчаки қиёс усулини яхшироқ ифодалаш учун ишлатилган намуна сифатида қабул қиласиз.
Изоҳларда қиёс усулидан фойдаланиб жумлалар тузинг: яшиндек тез, бўридек оч, ойдек ёрқин каби.