«Мен ҳаммасини биламан-ку, ўқиб нима қиламан?»

Maqolalar 19.05.2024

Ижтимоий психологияда Даннинг-Крюгер эффекти деган тушунча бор. Бу нима дегани?

— Бирор соҳада етарлича малакага эга бўлмаган одамда ўзига бўлган ишонч жуда юқори бўлишини кузатганмисиз? Бунақа одам ўзини профессионал, тажрибали мутахассис деб ҳисоблайди. Қобилиятларини юксак баҳолагани боис қилаётган хатоларини кўра олмайди, бошқаларнинг гапларини инкор қилади.

— Ўз ишининг ҳақиқий устаси бўла туриб, қобилиятларини етарлича баҳоламайдиган, ишончсизликдан азият чекадиган одамларни ҳам учратган бўлсангиз керак.

Мана шу ҳодиса Даннинг-Крюгер эффекти дейилади. Соддароқ тушунтирсак, билими оз бўлган одам ўзига катта баҳо беради, билими юз чандон кўп одам эса ўзини ерга уради.

Қизиқ жиҳати, билимсизнинг ўзига бўлган ишончи манманликдан эмас, кўпроқ билимсизлигини билмаслиги туфайли бўлади. Билимли одамнинг ўзини ерга уриши эса камтарликдан эмас, шунчаки ўзига тўғри баҳо бера олмаслигидан бўлади. Даннинг-Крюгер эффекти деган тушунча яқиндагина — 1999 йилда илгари сурилган бўлса-да, бу ҳақда одамлар минг йиллар аввал ҳам фикр юритган. Келинг, Суқротнинг бир гапини эслаймиз: — Мен ҳеч нарсани билмаслигимни биламан, аммо бошқалар шуни ҳам билмайди!

Бу ерда "ҳеч нарсани билмаслик" деб мажозий маънода айтилган. Ушбу иқтибосдан бир нечта хулосалар олиш мумкин: — билимсизлик ўз-ўзидан айб эмас, чунки инсон билиб туғилмайди, ҳаёти давомида билиб боради; — билимсизлигини билмаслик ва тан олмаслик — айб; — билмаслигини билиш одамни бошқалардан устун қилади.


Нима қилиш керак?

Биринчи тоифадаги одамда ўзига бўлган ишонч шу қадар юқорики, ҳатто хатоларини ҳам ютуқдек қабул қилади.

Агар сиз шундай одамга йўлиқсангиз, у билан ортиқча баҳслашманг — фойдаси йўқ. Ягона ечим — у қайси соҳада ўзини мутахассис деб билса, уни ўша соҳанинг ҳақиқий мутахассислари даврасига тушириб қўйиш. Ҳақиқий мутахассислар қандай бўлиши кераклигини у ўз кўзлари билан кўрсагина унинг шира босган кўзи очилади, оёғи қайтиб ерга тегади, ўзига бўлган ортиқча ишончи меъёрга келади.

Агар иккинчи тоифадаги инсонга йўлиқсангиз, шунчаки унга: — у билган нарсаларни ҳамма ҳам билавермаслигини, — у қилган ишни ҳамма ҳам қила олмаслигини, — у осон деб ўйлаган нарсалар оддий одамлар учун осон эмаслигини тушунтириш керак.