Ўзлаш(ма)ган сўзлар

Maqolalar 03.12.2024

Тил ташқи манба орқали ҳам бойиб боради, айниқса ҳозирги глобаллашув даврида бу яққол кўринмоқда. Ҳар қадамда челленж, инфлюенсер, фидбэк, стрим, майнинг, моделинг, хайп, фейк, баттл каби сўзлар қулоққа чалиняпти. Аммо, менимча, уларнинг имлоси ҳеч кимни қизиқтираётгани йўқ.

Бу борада одамлар икки тоифага бўлинади: Биринчи тоифа инсонлар бу сўзларни инглиз тилида қандай ёзилса, шу шаклда ёзишга одатланганлар. Уларнинг кўпчилиги инглиз тилидан озми-кўпми хабари бор. Ҳеч бўлмаса ўқиш-ёзишни билади.

Иккинчи тоифа инсонлар бу сўзларни қандай эшитса, шундай ёзади, яъни сўзнинг ўзбек тилидаги транскрипция (https://t.me/xatoliklar/1034)сини ёзади.

Аслида қандай ёзиш керак? Агар у ёки бошқа хорижий сўз нуқтимизга кириб улгурган бўлса, майли, ҳар куни бўлмасин, аммо уни ора-орада ишлатиб тураётган бўлсак, бундай сўзларни инглиз тилида ёзмаслигимиз керак.

Бунинг бир неча мантиқий сабаблари бор:

Биринчидан, инглиз тили ва алифбосини билмайдиган одамлар сўзни нотўғри ўқийди. Challenge сўзини челленж деб эмас, чалленге деб ўқийди. Бунинг натижасида сўз тилга тўлиқ ассимиляция бўлиб кетмагунига қадар унинг бир неча шакллари ҳосил бўлади. Одамлар қайси шаклини ишлатиш тўғри эканлигини билмай сарсон бўлади.

Иккинчидан, матн тўлиқ лотин алифбосида бўлса ва ўзлашма сўз инглиз тилидаги шаклида ёзилса, сўзни айнан хорижий сўз эканлигини пайқаш ва инглизча талаффузига мослаб ўқиш мураккаблашади: Yaxshi notebook sotib oldim, endi doim online bo‘laman, programmingni o‘rganaman, website yarataman va Photoshopda mockuplar bilan ishlay olaman.

Учинчидан, бу сўзлар атоқли отмидики, уларни аслича ёзсак? Apple, Samsung, Chevrolet, Volkswagen — булар атоқли отлар ва буларни борича ёзмасак бўлмайди, лотин алифбосидаги матнда қўштирноққа ҳам олиб қўйиш керак. Бошқа тарафдан, ҳаттоки атоқли отларни ҳам амалдаги алифбога транскрипция қилиб ёзиш тарафдорлари йўқ эмас.

Демак: Challenge ❌ Chellenj | Челленж ✅

Fake ❌ Feyk | Фейк ✅

Battle ❌ Battl | Баттл ✅

Ўқишни тавсия этамиз