Пуллик ёки пулли?
Бу саволга жавоб топиш учун -лик ва -ли қўшимчалари ҳақида тушунчага эга бўлишимиз керак. "Менимча мана бундай бўлади, чунки ҳамма шундай ёзади" қабилида фикрлаш қолоқлик ва тор фикрлашдан бошқа нарса эмас. Ақлли одам кўпчилик юрган йўлдан эмас, тўғри йўлдан юради. Тўғри йўлни эса соҳа мутахассислари кўрсатиб беришлари керак.
-лик аффикси мавҳум от ясайди. Мактабда ўқиган бўлсангиз, от сўз туркуми ким? ва нима? сўроқларига жавоб бўлади.
-ли аффикси эгалик белгисини билдирувчи сифат ясовчилардан саналади. Мактаб даврига қайтиб, сифат сўз туркуми қандай? ва қанақа? саволларига жавоб беришини эслаймиз.
Энди савол: пулли (пуллик) хизмат жумласида биринчи сўз ўрнига сўроқ сўз қўйиб кўринг: — Қандай (қанақа) хизмат? — Нима (ким) хизмат?
Демак, бу ҳолатга мантиқан қандай? сўзи тўғри келаётган бўлса, шунга мувофиқ сифат ясовчи қўшимчадан фойдаланишимиз керак. Сифат ясовчи қўшимча эса -лик эмас, -ли!
Пуллик хизмат ❌ Пулли хизмат ✅
Пулли сўзининг изоҳи қуйидаги расмда келтирилган (Изоҳли луғат — сиз сўраган ўша манба, исбот, далил).
Тилимиз ва ёзувимизни хатолардан тозалаш учун ҳаракат қилайлик, хатоларимизга иқрор бўлайлик, қайсарлик қилмайлик. Ҳеч бўлмаса, тўғри йўлни кўрсатаётганларга қаршилик кўрсатмайлик, одамларни чалғитмайлик. Тилшунослик ҳам чуқур фан, "менимча шундай", "ҳар доим шундай ёзиб келганман", "мактабда/университетда шундай ўргатишган", "ҳамма шундай ёзади" деган билан тутган йўлингиз ўнгланиб қолмайди. Озгина тафаккур қилинг.