Қаддингни ур ёки қандингни ур?

Maqolalar 03.12.2024

Бу ибора кўпинча нотўғри айтилади ва ёзилади, бунинг сабаби нимада? Ўзи қайси бири тўғри?

Келинг, аввал унинг маъносини аниқлаб оламиз. Изоҳли луғатга кўра, бу таҳсин-офарин маъноларини ифодалайдиган ибора; балли, баракалла сўзлари ўрнида ҳам ишлатилади.

Ҳамкасбимиз Ғиёсиддин Юсуф (https://t.me/kitaabun/1001) бунга қуйидагича таъриф берибдилар: омади чопган ишида бардавом бўлиб, даврон сурмоқ.

Демак, турғун бирикманинг маъносини билиб олдик, энди сарлавҳада кўрсатилган икки шаклини ҳам кўриб чиқамиз.


Кўпчилик қаддини урмоқ дейди, яъни гавда, бўй-баст, қомат, сумбат маъноларида ишлатиладиган арабча қад(д) сўзидан фойдаланади ва ҳосил бўлган иборани қуйидагича изоҳлайди: муваффақиятга эришган, омади чопган одам бўй-бастини ростлаб, гавдасини тик тутиб, қаддини кериб юради/юриши керак. Шу боис қаддингни ур, қаддини урсин деб айтамиз.

Аммо бу тўғри эмас. Тўғриси: қандингни ур! Бунинг тўғрилигига амин бўлиш учун иборанинг яна бир шаклига эътибор қаратамиз: қандингни е — қилаётган ишингнинг ҳосилидан, мевасидан ўзинг роҳатлан, деган маъно чиқяпти.

Урмоқ кенг маъноли феъллардан, турли контекстларда турлича маъноларни ифодалаши мумкин. Қандингни ур деганда урмоқ зарба бермоқ маъносида эмас, тўлалигича истеъмол қилмоқ, емоқ маъносида ишлатилса керак. Бунга мисоллар кўп: — Шароб — узум сувидан тайёрланадиган ажойиб ичимлик, бир коса уриб олсангиз, вақтингиз чоғ бўлиб кулаверасиз. (М. Осим, «Тўмарис») — Қани, нонни синдириб, қаймоққа булаб-булаб уриб олинглар-чи. (Э. Раимов, «Ажаб қишлоқ»)


Демак: Қаддини урсин | Qaddini ursin ❌

Қандини урсин | Qandini ursin ✅ Қандини есин | Qandini yesin ✅

Ўқишни тавсия этамиз