Қамчиқ ёки Камчиқ?
Ўқувчилар фикримизни сўраб, масалага аниқлик киритишни сўрашибди. Ҳақиқатан ҳам ҳозирги кунда барча нуфузли нашрлар довоннинг номини Қ ҳарфи билан ёзадилар — Қамчиқ довони:
@kun.uz (https://t.me/kunuzofficial/122101)@daryo.uz (https://t.me/Daryo/71764)@qalampir.uz (https://t.me/qalampir/81913)@sof.uz (https://t.me/sofuzb/41970)@bugun.uz (https://t.me/bugunrasmiy/19896)@Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (https://t.me/MCHSUzbek/8415)@uza.uz (https://t.me/uzauz/1147)@Xushnudbek
(https://t.me/xushnudbek/13406)Аммо бундай ёзиш тўғрими? Бу масалада домланинг айтганлари (https://t.me/AbrorMuxtorAliy/12730) тўғри: довоннинг асл номи Камчиқ, Қамчиқ эмас.
Сўнгги йилларда Қамчиқ деб номланишига сабаб нима? — Илмийликка даъво қилмайман, лекин тахминим бор. Менимча, сабаб жуда оддий: қайсидир даврда янгилик матнлари олдин рус тилида ёзилиб, кейин ўзбекчага ўгириларди. Довон рус тилида Камчик деб номланади. Ўша пайтларда матнни ўгирган таржимон-журналистлар бунга эътиборсизлик қилишган, яъни битта К ҳарфи Қ ҳарфига айланса, иккинчиси ҳам айланса керак, деган фикр билан иккаласини ҳам Қ ҳарфига айлантириб қўяқолишган: перевал Камчик — Қамчиқ довони/перевали.
Натижада бу қолганларнинг ҳам адашишига олиб келди, ҳозирги кунда довоннинг асл номини эшитмаганлар авлоди шаклланиб улгурди.
Эҳтимол, бирор муддат ўтиб, бу ном кўпчилик шу шаклини ишлатиши таъсирида расман Қамчиққа айланар, лекин Миллий энциклопедияда Камчиқ довони деб тўғри ёзилган.
Топонимист олим Суюн Қораев ўзининг «Топонимика» қўлланмасида шундай ёзади: Кам — қир, тоғ қиррасидаги пастроқ, камтик (кемтик) жой. Зомин туманида тоғдан ошиб ўтадиган Сарикам деган жой бор. Самарқанд вилоятида Дарвозакам, Дарвозкам деган топонимлар қайд қилинган. Тошкент—Фарғона автомобиль йўлининг Қурама тоғларидан ошиб ўтиладиган қисмидаги Камчик номли довон ҳам шу сўздан ҳосил бўлган («Кичикроқ кам»). Уни Қамчиқ деб аташ тўғри эмас.