Рекламада ёлғон

Maqolalar 03.12.2024

Маркетингда шундай нозик жиҳатлар борки, биргина сўз ёки жумла бутун реклама кампания (https://t.me/xatoliklar/659)сини ёлғонга айлантириб қўйиши мумкин. Бизнес эгалари бундай вазиятларда ниҳоятда ҳушёр бўлишлари, ёлғон орқали одамларни жалб қилиш ҳолати кузатилмаслигига доим амин бўлиб туришлари керак.

Яқинда InBrain деган ажойиб таълим платформаси ишга тушди. Унинг ҳар жиҳатдан манфаатли эканлигини таъкидлашга ортиқча ҳожат йўқ. Аммо уларнинг бугунги маркетинг тадбирида бир матнга кўзим тушди:

«Бундан ташқари, рўйҳатдан ўтиб, тўловни амалга оширсангиз сиз 80 та NEXIA 3 автомобили ва Тошкентдан 20 та хонадонлардан бирини соҳибига айланасиз!»

Аслида қандай бўлиши керак эди?

«Бундан ташқари, рўйхатдан ўтиб, тўловни амалга оширсангиз, сиз 80 та NEXIA 3 автомобили ва Тошкентдан 20 та хонадондан бирининг соҳибига айланиш имкониятини қўлга киритасиз!»

Пайқаган бўлсангиз керак, рўйхатдан ўтган ва тўловни қилган ҳар кимга автомобиль ва хонадон тақдим этилиши ваъда қилиняпти. Аслида эса бу совғалар ҳар кимга ҳам берилмайди, негаки бу ютуқли ўйин (розыгрыш) — барча рўйхатдан ўтган ва тўлов қилганлар орасидан совриндорлар тасодифий йўл билан танлаб олинади. Масалан, иштирокчиларнинг умумий сони 1000 та бўлса, шулардан 80 таси машина ютиб олади, 20 таси хонадон соҳиби бўлади. 1000 та иштирокчига совғалар етмайди.

Менимча, жумланинг нотўғри тузилгани туфайли компания устидан ҳали роса шикоятлар тушади. Ваъда қилинган автомобиль ва хонадонни талаб қиладиганлар бўлади.

Тўғри, матнни копирайтер ёзиб беради, бироқ бунга бренд билан ишлаётган маркетологлар масъул бўлади. Улар матнни тарқатишдан аввал текшириб олиши, кейин оммага ёйиши мақсадга мувофиқ бўларди. Имловий хатолар эса бундай лойиҳага умуман ярашмайди.

Ўқишни тавсия этамиз