Сайт тили
— Ҳозирги кунда сайтнинг ўзбек тилидаги версияси бўлиши қанчалик муҳим? — Шу ҳам савол бўлдими? Сув ва ҳаводек муҳим!
Менимча, ҳозирги шароитда ҳар қандай бизнеснинг мижозлари фақатгина ўзбек ёки фақатгина рус тилида гаплашувчилардан ташкил топиши амри маҳол. Лекин, афсуски, биздаги аксарият сайтлар фақат рус тилида ишлаб турибди. Тўғри, муайян бир маҳсулот ёки хизматнинг харидорларини кўпроқ русийзабонлар ташкил қилиши мумкин. Лекин тан олиш керак, биз Ўзбекистонда яшаяпмиз. Маҳсулотингизни кенгроқ оммага ёйишни, мижозларингиз қамровини кенгайтиришни истасангиз, сайтингизни, ижтимоий тармоқдаги саҳифаларингизни камида икки тилда юритинг, шу жумладан ўзбек тилида ҳам.
Шу ўринда бир маслаҳат: агар сиз тадбиркор бўлсангиз ва сайтингизни ўзбек тилида тузишни, ўзбекчага таржима қилишни ёки мавжуд матнларни таҳрирлашни истасангиз, бу иш учун пулингизни аяманг. Малакали ва тажрибали мутахассисларга мурожаат қилинг. Ҳақиқий мутахассислар ўз меҳнати қадрини билади ва уни арзон баҳоламайди.