Сўровнома тўғри тузилган(ми?)

Maqolalar 21.11.2024

Сўровнома хато тузилганини айтиб, одатда бизни ёшлар шошқалоқлик қилиб саводсизликда айблаб қўйишарди, аммо бу сафар ёши катталар ҳам "ёшлик" қилган кўринади. Шунақамиз-да: "Ундай эмас, бундай бўлади (https://t.me/xatoliklar/1288)" дейишни ёқтирамиз, соҳа вакилидан билимлироқ эканимизни таъкидлашга ошиқамиз. Сўровнома хато бўлганида, дарҳол тузатиларди.

Ҳали ҳам тушунмаган бўлсангиз, кирилл алифбосида ТЕККАН, лотин алифбосида эса TEGGAN шаклида ёзилади.

Энди қоидаларни кўриб чиқамиз: ❗️ Кирилл алифбосида ўзаги Г ҳарфи билан тугайдиган сўзларга сифатдош шаклини ясовчи -ган қўшимчаси қўшилса, талаффузда ҳам, ёзувда ҳам товуш жарангсизланади. Тегмоқ феълининг ўзаги тег бўлгани билан, ёзувда фонетик (https://t.me/xatoliklar/980) тамойилга риоя қилинади: Тег + ган = Тегган ❌ Теккан ✅

-га, -гач, -гача, -гани, -гунча, -гудек қўшимчалари ҳам шу қоидага бўйсунади.

*Лекин ўзлашган сўзлар аслича қолаверади: Педагог + га = педагогга ✅ Стоматолог + га = стоматологга ✅

———————————————

❗️ Лотин алифбосида эса ҳарфлар аслича қолади, яъни талаффузга кўра ёзилмайди, балки морфологик тамойилга риоя қилинади: Teg + gan = Tekkan ❌ Teggan ✅

———————————————

Кўриб турганингиздек, лотин алифбоси қоидалари ишлаб чиқилаётганда морфологик тамойил асос қилиб олинган. Фонетик ва морфологик тамойил нима эканини билмай туриб, одамларни айблашга озгина ҳаё қилмайсизми? Эҳтимол, билганингиз хатодир? Балки, ҳамма қоидани ҳам билмассиз?

Энди савол: сўровнома тўғри тузилганми? Саводсиз бизми ё...?

Ўқишни тавсия этамиз