Тил, алифбо, имло, саводхонлик, IT

Maqolalar 21.11.2024

Давлат тилини ривожлантириш департаменти бир неча ой раҳбарсиз қолди, кеча Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Шукуров Собир Сайфиевич департаментга мудир этиб тайинланибди.

Департамент очилган пайтда яхшигина фаоллик кўрсатди ва тил борасида сўнгги қарорни айтадиган орган сифатида ўз позициясига эга бўлиб бораётганди. Аммо сўнгги пайтларда бошлаб қўйилган ишлар тўхтаб, фаолият сустлашиб қолгандек туюляпти.

Ўзи @xatoliklar канали фаолияти ҳам сустлашиб қолган-ку, дейишингиз мумкин. Тўғри, лекин бу менинг шахсий блогим, тижорий ёки бирор расмий ташкилот лойиҳаси эмас.


• Алифбо нима бўлди? Вазирлар маҳкамасининг Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича “йўл харитаси” бор, Унга кўра, 2023 йилнинг 1 январидан барча ташкилотларда иш юритиш тўлиқ лотин алифбосида бўлиши керак. Унга ҳам 7 ойгина вақт қолди. Аммо янги таҳрирдаги алифбо қайси босқичда экани, айни дамда нима ишлар қилинаётгани ҳақида бирор янгилик йўқ. Эшик ортида нима бўлаётганини одамлар ҳам билишга ҳақли. Бу ҳақда департамент ва ишчи гуруҳ маълумот бериб турмаса, ким бера олади?

• Имло қоидалари-чи? Алифбо ўзгариши билан имло қоидаларини тартиблаштирувчи қарор ҳам янгиланиши керак. У ҳам ишлаб чиқиляптими? Амалдаги қоидалардаги камчиликлар ўрганилдими? Мутахассислар хулосалари йиғилдими? Қачон алифбога ўзгартириш киритилади-ю, қачон янги имло қоидалари эълон қилинади? Олдинда ҳали уларни ўрганиш ва ўргатиш жараёнлари ҳам бор. Вақт эса оз.

• Ундан ташқари, тил корпуси, грантлар, атамашунослик комиссияси, луғатлар бўйича ишлар, тил ўргатиш платформаси каби кўплаб масалалар ҳам очиқ турибди.

Ҳар бир лойиҳани IT (ахборот технологиялари) билан боғлаш керак: сайт, илова, дастур, онлайн-платформалар ишлаб чиқилсин. Бунинг учун, масалан, IT-Park билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкин.

2020 йилда изоҳли луғатнинг янги нашри тақдимоти ўтказилганди. У ҳақдаги мақолада (https://kun.uz/news/2020/06/26/ozbek-tili-izohli-lugatining-besh-tomli-yangi-nashri-taqdimoti-otkazildi) шундай дейилган:

Ишчи гуруҳ аъзолари izohli-lugat.uz веб-сайти устида ҳам иш олиб боришмоқда. Унда фойдаланувчилар учун сўз қўшиш (кўрикдан ўтказиб) имкони яратилиши назарда тутилган.

Бундай сайт ишлаб чиқиш кўпчилик ўйлагандек жуда осон иш эмас, тўғри, лекин бунга икки йил кўплик қилади

Хуллас, янги тайинловдан хурсандмиз ва яқин кунларда илк натижаларни кутиб қоламиз.

Ўқишни тавсия этамиз