Wikipedia "админ"ларига мурожаат

Maqolalar 03.12.2024

Хабарингиз бор, айни дамда интернетни ўзбек тилидаги мақолалар билан бойитиш мақсадида Wiki-stipendiya (https://t.me/xatoliklar/1663) марафони ўтказилмоқда. Марафонда мен қатнашмаяпман, лекин мақолаларни қабул қилувчи админларга айтар гапим бор.

Менга маълум қилинишича, таниқли шахслар ҳақидаги мақолаларда уларнинг исмлари гўёки аслича ёзилиши қабул қилинаётган экан.

Масалан, Albert Eynshteyn деб ёзишса, админлар мақоланависларга дакки бериб, Albert Einstein шаклида ёзишни талаб қилишаётган экан. Шунда кейинги авлод "Эйнштейн"ни "Эинстеин (https://uz.wikipedia.org/wiki/Albert_Einstein)" деб ўрганадими? "Алекс"ни "Алех (https://uz.wikipedia.org/wiki/Alex_Pritchard)" деб ўқийдими? "Эрик"ни "Эрис (https://uz.wikipedia.org/wiki/Eric_Adjetey_Anang)" дейдими? Ёки "Анджей"ни "Андрзеж (https://uz.wikipedia.org/wiki/Andrzej_Sapkowski)" дейиши қанчалик мантиқий? Бизга батамом нотаниш бўлган İ, Á, Â, Ć, Ō ҳарфларини ишлатиш қайси соғлом ақлга тўғри келади?

Бизда транслитерация қоидалари йўқ эмиш. Узр, қайси калла билан айтишган бу гапни? Соғлом ақлни ҳеч ким бекор қилгани йўқ, Карл!

Ўзи гап транскрипция ҳақида кетяпти. Транскрипция ва транслитерация деган тушунчаларни бутунлай инкор қиладиган бўлсак, унда Мацуо Басёни 松尾芭蕉, Муҳаммад Авфийни محمد عوفي, Махатма Гандини મહાત્મા ગાંધી деб ёзайлик! Ашшурбанипални эса Қадимги Месопотамия тили — аккад тилида, миххат ёзувида ёзмаймизми (https://upload.wikimedia.org/wikipedia/commons/8/86/Rassam_cylinder_Anshardua.png)?

Бирор иш қилишдан ва уни бошқаларга уқтиришдан аввал умумий қонуниятни ўрганиб олиш керак. Биттасига бир қоида, бошқасига бошқа қоида амал қилса, бу иккиюзламачилик бўлади.

Тўғри, бошқа тил ва ёзувдаги сўзлар учун транслитерация ва транскрипция қоидалари бизда расман қабул қилинмагандир, аммо хоҳлайсизми-йўқми, сиз улардан фойдаланяпсиз, шу боис уларни тўлиқ инкор қила олмайсиз.

Кейинги авлодларни саводсиз қилишни, уларнинг орасида исмлар борасида ортиқча баҳслар ва низолар тарқашини истамасангиз, тезда мантиқсиз қоидангизни қайтиб олинг ва очиқ энциклопедияни ҳақиқатан саводли контент билан тўлдиришларига имкон беринг. Транслитерация ва транскрипция қоидалари сиз учун мавжуд бўлмаса, ишлаб чиқинг. Қийинми? Унда бошқа тил вакиллари ишлаб чиққан қоидаларни ўзлаштиринг.

Асосийси, "Эинстеин" дейдиган авлод шаклланишига сабабчи бўлиб қолманг. Илтимос!

Ўқишни тавсия этамиз