Хайп нима?

Maqolalar 21.11.2024

Инглизча hype сўзи намойишкорона жанжал, кўзбўямачилик, эътиборни тортувчи ҳаракат маъноларини англатади.

Содда қилиб айтганда, хайп — бу шов-шув. Муайян бир шахс ҳам, бирор бир предмет ёки ҳодиса ҳам хайп бўлиши, яъни шов-шувга айланиши мумкин.

Сўнгги пайтларда хайп деганда интернетда кўришлар сони ва лайкларни ошириш, машҳурликка эришиш мақсадида сунъий равишда кўтарилган мавзулар назарда тутиляпти. Бу маънода хайп қилиш — машҳурликка эришиш мақсадида бошқаларнинг ютуқлари ёки муваффақиятсизликларидан фойдаланиш демакдир. Негаки шов-шувли мавзуни кўтарган, шундай ҳодиса ҳақида фикр билдирган шахс ҳам катта эҳтимол билан машҳурликка эришади.

Хайп бўлган, яъни сунъий равишда кўтарилган шов-шувли мавзу узоқ вақт давом этмайди.

Мисол учун, коронавирус Ўзбекистон ҳудудига кириб келган пайтларни эсланг. Ўша пайтларда Telegram'да шу мавзуга оид юзлаб, минглаб каналлар очилди. Хайп бўлган мавзудан фойдаланган ҳолда ўз каналларига кўплаб обуначилар тўплашди.

Бу ҳолатда: – хайп — коронавирус мавзуси; – хайп қилганлар, яъни хайпдан фойдаланганлар — Telegram'да канал очиб, обуначи тўплаганлар.

Ўз фаолияти доирасида ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олишга интилиш хайп қилиш дейилмайди.

P. S. Хайп ёки Ҳайп? Инглиз тилидан олсак: ҳайп ✅ Рус тилидан олсак: хайп ✅

Ўқишни тавсия этамиз