Холивар

Maqolalar 21.11.2024

Холивар сўзи инглизча holy war ("илоҳий уруш") жумласидан ҳосил бўлган. Турли ақидалар, мафкуралар, парадигмалар ёки брендлар тарафдорлари ўртасида бўлиб ўтадиган қайноқ ва доимий баҳслар интернет оламида холивар деган номни олган.

Бундай баҳсларда ҳақиқат туғилмайди ва ғолиб аниқланмайди, чунки ҳар бир тараф ўз фикрида қолади ва қарши тарафнинг фикрларини қабул қилмайди.

Масалан, болаларни эмлаш ёки эмлаш керак эмаслиги ҳақидаги баҳслар йиллар давомида ўз якунини топмаган. Бундай турдаги баҳслар ниҳоятда кўп: — Китоб ёки кино? — Android ёки iOS? — Photoshop ёки Illustrator? — Coca-Cola ёки Pepsi-Cola? — Материя (моддият) ёки онг (маънавият)? — Совет Иттифоқи даври ёки ҳозирги замон?

Ҳар икки тараф ўз аргументларини келтиради, лекин аргументларнинг ишончлилиги шубҳа остига олингани ёки қарши аргументнинг мавжудлиги баҳснинг якун топишига йўл қўймайди.

Холивар ҳиссиётларга бой бўлади, шу боис кўпинча оппонентнинг шахсиятига ўтиб кетилади ва ҳақоратлар бошланади. Бундай холивар флейм ёки флейминг (flame — "олов") деб аталади.

Диний мавзуга алоқадор баҳслар доим бўлган ва бўлаверади. Атеист (даҳрий)лар ва теист (диндор)лар, креационистлар ва эволюционистлар, агностиклар ва гностиклар, субъективистлар ва объективистлар, рационалистлар ва иррационалистлар ҳеч қачон мутлақ муросага кела олмайди.

Диний холиварларнинг сабабчилари — провокаторлар (https://t.me/xatoliklar/882) ёки троллар. Улар диний эътиқод объектларини ҳақорат қилиш, динга эътиқод қилувчиларнинг ҳис-туйғуларини таҳқирлаш, қадриятларини оёқости қилиш орқали провокация қиладилар. Бундай ҳаракатлар Ўзбекистон Республикасининг "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунга асосан жавобгарликни келтириб чиқаради.

Ўқишни тавсия этамиз